DataLife Engine / Боғот туман ҳокими Шавкат Яхшибаевнинг 1-октябрь “Устозлар ва мураббийлар кунига” бағишланган байрам табриги

Боғот туман ҳокими Шавкат Яхшибаевнинг 1-октябрь “Устозлар ва мураббийлар кунига” бағишланган байрам табриги

Ассалому алайкум муҳтарам устоз ва мураббийлар!   Аввало, сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча ходимларни, устоз мураббийларни” 1-октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.   Бугун барчамиз бизга илм ўргатган, ҳаёт сабоғини берган жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва домлаларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб,уларга чин дилдан таъзим қиламиз. Ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчилар ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир. Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг”, деган сўзлари беихтиёр ёдимизга тушади. Чиндан ҳам, дунё миқёсида рақобат янада кучайиб борадиган, ўта мураккаб бир даврда яшайдиган болаларимизни келажакка тайёрлаб, соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда таълим-тарбия соҳаси, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатининг туб моҳиятини ташкил этади. Ана шу ўткир ҳақиқатни ҳисобга олиб, мухтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Бугунги кунда сизларнинг, бутун эл-юртимизнинг қизғин қўллаб-қувватлаши билан мактаб ва мактабгача таълимни ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда, янги намунадаги замонавий ва инновацион таълим масканлари айни шу мақсадга хизмат қилмоқда. Мазкур соҳани ривожлантириш учун ажратилаётган бюджет маблағлари ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилда таълим ва тарбия соҳасида 2021 йилга нисбатан 81 фоиздан зиёд маблағ ажратилганинг ўзи фикримизнинг далилидир. Соҳа ривожига бўлган ана шундай эътибор мактабларда ва мактабгача таълим ташкилотларида ўқув-тарбия жараёнларини сифат жиҳатидан ўзгартиришга, ўқитувчилар ва мураббийлар таркибини яхшилашга хизмат қилмоқда. Яратилаётган имкониятлар туфайли сиз азиз устоз ва мураббийлар таълим тарбия бераётган Боғот тумани  ёшлари турли соҳаларда ўз билим ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этмоқда. Фикримизнинг далили сифатида Россиянинг Владивосток шаҳрида дунёнинг 80 га яқин мамлакатидан моҳир спортчилар иштирок этган кураш бўйича халқаро чемпионатида 15-сон мактаб ўқувчиси Асадбек Бектурдиевнинг юксак азму шижоат ва маҳорат намунасини кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллагани, 92 сон мактаб интернат битирувчиси Олимова Севинчой Ихтиёр қизи муддатидан олдин бирданига 7 та нуфузли хорижий университет талабаси бўлгани, 1 сон мактаб битирувчиси Рустамова Дилноза Қувондиқ қизи бирданига Ўзбекистоннинг 5та олийгохига ўқишга қабул қилингани, 3 сон ИМИ битирувчиси Комилжонов Абдулла Қахрамон ўғли ва Кўпалова Наргиза Музаффар қизи бирданига бир нечта олийгохга қабул қилингани жуда қувончли холатдир. Куни кеча Хоразм вилоятининг барча туманлари ўқитувчилари ўртасида бўлиб ўтган фан олимпиадасида 3-сонли ИМИ ўқитувчилари Ражабов Шодиёр математика фанидан, Каримова Шоира биология фанидан фахрли      1-ўринни эгаллаганлиги Боғотлик устозларининг нақадар кучли билим эгаси эканлигинг исботидир. Ўқитувчилар ва ўқувчилар томонидан эришилаётган бундай улкан ютуқларни биз аввало фидойи устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати натижаси сифатида қабул қиламиз. Қадрли юртдошлар! Барчамиз яхши тушунамизки, бугунги шиддатли замон барча соҳалар қаторида таълим-тарбия тизимини ривожлантириш бўйича ҳам олдимизга ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Албатта, болажонларнинг ва ёшларимизнинг билим олишлари учун барча шароитларни яратиш, ўқув биноларини,боғчаларни қуриш, уларни замонавий жиҳозлаш мумкин. Лекин фарзандларимизга юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган, янгича, инновацион фикрлайдиган ўқитувчи ва мураббийларни тайёрлаш – бу энг оғир вазифа бўлиб, жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб этади. Шу маънода, бугунги кун ўқитувчиси ва мураббийси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни, ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак. Энг муҳими, таълим-тарбия вакили бўлган ўқитувчилар ва мураббийлар чинакам ватанпарвар инсон бўлиши зарур. Қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган инсонгина хақиқий ватанпарвар шахсни тарбиялай олади. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек "Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак" деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этишга тайёрмиз. Мактабларда хорижий тилларни, ахборот-коммуникация технологияларини ўргатишни такомиллаштириш, ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш, ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга оширишимиз лозим. Профессионал таълим соҳасида бугунги меҳнат бозори ва халқаро стандартларга тўла мос келадиган бутунлай янги тизимга ўтишни жадаллаштиришимиз керак. Таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, ўқитиш сифати ва педагог ходимларнинг билим ва малакасини оширишга қаратилган “Замонавий мактаб” давлат дастурини амалга ошириш доимий эътиборимиз марказида бўлади. Барчамизга аёнки, бугунги кунда ён-атрофимизда ёшларнинг қалби ва онгини заҳарлаб, уларни тўғри йўлдан оғдиришга қаратилган хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Бундай мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида барчамиз биргаликда курашмоғимиз, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлашимиз зарур. Айниқса, бу вазифа барча бўғиндаги раҳбарлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, ижодкор зиёлиларимиз, диний уламолар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, бутун жамиятимиз учун виждон ишига айланиши керак.   Азиз ўқитувчилар ва муҳтарам мураббийлар! Бугун таълим-тарбия соҳасида, фарзандларимиз ҳаётида янги давр бошланмоқда. Бу даврни янада чуқур маъно-мазмун билан тўлдириб, миллий юксалишга эришиш фақат ва фақат ўзимизга, шу йўлда ҳамжиҳатлик билан қаттиқ меҳнат қилишимизга боғлиқ. Муҳтарам Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганидек “Биз халқимизнинг энг катта бойлигини – миллионлаб фарзандларимиз, жондан азиз ўғил-қизларимизнинг тақдирини, Ўзбекистон истиқболини сизларга ишониб топширганмиз. Ва бу вазифани масъулият билан адо этиб келаётган сизлар каби фидойи инсонлар, келажак бунёдкорларига ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди”. Азиз ватандошлар! Сизларни “Устозлар ва мураббийлар куни” байрами билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда катта муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Эътиборингиз учун раҳмат!
30-09-2022, 11:28
Вернуться назад