DataLife Engine / ҒАЛАБА МУБОРАК, АЗИЗ БОҒОТЛИКЛАР!!!

ҒАЛАБА МУБОРАК, АЗИЗ БОҒОТЛИКЛАР!!!

ҒАЛАБА МУБОРАК, АЗИЗ БОҒОТЛИКЛАР! БОҒОТ ТУМАНИ ДАВЛАТГА ПАХТА ТОПШИРИШ РЕЖАСИНИ ОРТИҒИ БИЛАН БАЖАРДИ Боғот тумани давлат хирмонига 26605 тоннадан зиёд ҳосил топшириб, ҳосилдорлик ҳар гектаридан 37,7 центнерни ташкил этиб, шартномавий режани ортиғи билан 100,3%га бажарди. Туманда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми учун пухта тайёргарлик кўрилди ва тизимли ишлар олиб борилди. Туман меҳнаткашлари, миришкор деҳқонлари юксак натижаларга эришиб, давлатга пилла ва ғалла топшириш бўйича режаларини ҳам ошиғи билан бажарганлар. Миришкор пахтакорларимиз мураккаб ва синовли келган йилда, табиатнинг қийин синовларига қарамай, давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режаларни ортиғи билан бажардилар. Ердан ризқ ундириш, ундан ҳосил олиш ўз-ўзидан бўлмайди. Деҳқонларимиз эрта баҳор, жазирама ёз мобайнидаги табиат инжиқликларини ўз билим, тажриба ва маҳорати, машаққатли меҳнати билан мардонавор енгиб, кузнинг ҳар бир илиқ кунидан унумли фойдаланган ҳолда ҳосилни уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишга эришдилар. Туманимизнинг 77 нафар юрагини ўти бор фермерлари эрта баҳордан 7 минг 275 гектар майдонга «Хоразм 150» ва «Меҳнат» навли чигит уруғини ерга қадаган эдилар. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида ғўза ниҳоллари текис униб чиқди. Вегетация даврида барча агротехник тадбирлар сифатли ва ўз вақтида амалга оширилди. Айниқса бу даврда туман ҳокими Шавкат Яхшибаевнинг жонкуярлиги, ҳар бир соҳани чуқур билиши муваффақиятлар учун тинимсиз ҳаракати фермерларга куч-қувват ва мотивация берди. Юқори ҳосил олишда ҳокимнинг қишлоқ хўжалик маслалари бўйича ўринбосари Қ.Ражабов билан ер илмини чуқур тушунган кучли мутахассис Б.Ёмғуровларнинг ҳиссаси катта бўлди. Ғўза ниҳолларини ягоналаш, қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтлардан тозалаш, суғориш ва озиқлантириш, дефолиация ва чеканка қилиш каби тадбирлар малакали мутахассисларнинг тавсиялари ва деҳқонларимизнинг кўп йиллик тажрибаси асосида сифатли амалга оширилди. Қулай об-ҳаво шароити, ишнинг тизимли асосда ташкил қилингани ва деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига далаларда мўл ҳосил тўпланишига эришилди. Теримчиларга шароитлар яратилиб, дала бошида иссиқ овқатлар ташкил қилинди. Уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, терим пулларининг ўз вақтида, дала бошида бериб борилгани терим суръатини оширишда муҳим омил бўлди. Бугунги юксак хирмонни бунёд қилишда «Холмурод ўғли Мансур» фермер хўжалиги 60,7 центнердан, «Ёқуб бобо ўғли Омон», «Отавой Ғофуржон», «Галди бобо ўғли Йўлдош» фермерлари 50 центнердан, «Аброрбек», «Аллаберган Матёқуб Базиргон»,«Боғот», «Нафосат Руслонбек», «Саховат Жайҳун» 45 центнердан, «Оллоёр Султонбой» каби фермер хўжаликлари ҳам юқори ҳосил олиб, хирмонимизнинг баланд бўлишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Боғот тумани «KOBOTEX»МЧЖ қошидаги Агрокластер МЧЖ ҳамда «GRET COTTON EXPORT» МЧЖларнинг юқори ҳосил олишда ҳиссаси баланд бўлди. «Коботекс»МЧЖ раҳбари фидойи инсон Ихтиёр Ибрагимовнинг, агрокластер Собиржон Рўзимовнинг ва «Gret cotton export» раҳбари Фурқатжон Саттаровларнинг ҳиссаси беқиёс бўлди. Олдинги йиллар фермерни қийнаб келган минерал ўғит ва ёқилғининг кластер томонидан дала бошида ўз вақтида берилгани, ер лазерда текислангани бу ғалабанинг асосидир. Ҳосилни йиғиб олишда фаол иштирок қилаётган барча фермерлар, теримчилар мутасаддиларга куч ғайрат тилаб,эришган ютуқлари билан самимий табриклаймиз. Боғот туманида пахта топшириш режаси бажарилган бўлса ҳам далалардаги мўл-ҳосилни кўриб кўзингиз қувнайди. Даладаги теримчилар билан суҳбатлашсангиз дилингиз яйрайди. Боғот тумани «Қипчоқ» қишлоғининг хотин-қизлари сенябрдан буён 8 тоннадан ошиқ пахта териб оиласи даромадини кўтарганини, ҳар кун дала бошида пул олгани, иссиқ овқатлар берилганидан қувониб гапирдилар. Режа бажарилди, далаларда туманимиз бўйлаб, пахта йиғим-терими қизғин давом этмоқда, ризқу рўзимиз бу йилги мураккаб вазиятда яратилган мўл- ҳосилни бир мисқолини ҳам қолдирмасдан йиғиб териб олиш жараёнлари кўтаринки кайфиятда давом этмоқда. МЕҲНАТ ВА ҲОСИЛНИНГ ҒАЛАБАСИ МУБОРАК БЎЛСИН! Боғот тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати  
14-11-2022, 12:05
Вернуться назад