8 МАРТ ХАЛҚАРО ХОТИН- ҚИЗЛАР БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН БОҒОТ ТУМАНИ ҲОКИМИ ШАВКАТ ЯХШИБАЕВНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ
8 МАРТ ХАЛҚАРО ХОТИН- ҚИЗЛАР БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН БОҒОТ ТУМАНИ ҲОКИМИ ШАВКАТ ЯХШИБАЕВНИНГ БАЙРАМТАБРИГИ
Ассалому алайкум муҳтарама онахонлар!Мунис опа-сингиллар ва лобар қизларим!Мўътабар аёлларимизни ва сизлар орқали муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимизни, зебо қизларимизни бетакрор диёримизда нафосат ва гўзаллик баёрами 8 Март- Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклаб, эзгу-тилакларимни билдиришга ижозат бергайсизлар!Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида эл- юртимизнинг мустақилликка эришган дастлабки кунларидан аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни ва ҳурмат эътиборини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи мамлакатимиз равнақи йўлида олиб борилаётган давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.Ўтган давр мобайнида бу соҳада зарур ҳуқуқий асос яратиш ва уни янада такомиллаштириш, аёлларимизнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини юксалтиришдаги ишларимиз ўз самарасини бермоқда.Шу ўринда айтиш жоизки, ислоҳотларимизни амалга оширишнинг асосий шарти бўлган фермерлик ҳаракати, тадбиркорлик, кичик бизнес, саноатимизда, маънавий- маърифий ҳамда тиббиёт соҳасидаги эришаётган юксак марраларимиз, эл-юрт ободлиги, халқимиз фаровонлигини оширишдаги ютуқларимизда заҳматкаш аёлларимизнинг муносиб ҳиссалари билан узвий боғлиқлигини ҳамиша ҳис қилиб турибмиз.Ҳеч кимга сир эмаски, аёл зоти ҳақида, унинг тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси экани, эзгулик ва фидойилик рамзи экани тарихдан барчамизга маълум.Ўтган даврлар мобайнида улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши ва бу юзадан қабул қилинган Давлат дастуримиз келгусида умидли, фидоий соғлом аёлларимизнинг сони кўпайишига асос бўлади. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам хотин- қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеи тўғрисида тўхталиб ўтиб, қизларимиз учун олий таълим йўналишларида алоҳида имтиёзларнинг берилиши улар учун грантлар ҳам ажратилишини таъкидлаб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясида раҳбар кадрларни тайёрлашда аёллар учун 30 фоиз квота ажратилиши хотин- қизларимизнинг жамиятдаги фаоллиги ва ташаббускорлигини қўллаб- қувватлашнинг янги имкониятини яратади десам янглишмайман. Шу ўринда айтиш жоизки, туманимизда ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий шарти бўлган фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-у фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби ўнлаб муҳим соҳа ва тармоқларда 6000 дан ортиқ хотин-қизлар самарали меҳнат қилиб келмоқда. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида туманимизнинг 45 нафар аёллари пандемия давридаги фидойи меҳнатлари учун «Меҳр-саҳоват» кўкрак нишони билан тақдирландилар, 3нафар аёлларимиз «Мўътабар аёл» кўкрак нишони совриндори бўлдилар. Ёш иқтидорли қизларимиздан Қораёнтоқ қишлоғидан Нафиса Шарифбоева Пара- Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. «Маънавият» маҳалласидан 12 яшар Шахризода Олимбоеванинг хотин-қизлар ўртасида шахмат бўйича Олий лига ғолиби бўлгани, «Нурафшон» шаҳарчасидан Мадинабону Мадаминованинг гимнастика бўйича Қозоғистонда ўтказилган республикалараро мусобақада 1- ўринни эгаллаганини фахр билан айтамиз. Туманимиздаги 92-сон, 3-сон, 15-сон мактабларнинг ўқувчи қизлари Республикада фан олимпиадасида Боғот тумани шаънини ҳимоя қилганликларин фахр билан айтамиз. Бугунги кунда Зулфия номидаги Давлат мукофоти иқтидорли қизларимизнинг ижодий салоҳиятини юксалтиришда ҳал қилувчи куч сифатида кўплаб истеъдодли қизларимизни ўзининг атрофида бирлаштирмоқда.Азиз аёллар! Сизларни туманимиздаги барча меҳнаткаш хотин- қизларни гўзаллик ва нафосат байрами билан яна бир бор табриклайман. Сизларга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
7-03-2021, 11:25
Вернуться назад