ҚУЛУПНАЙ ЕТИШТИРИЛЯПТИ
Бу ерга ташриф буюрсангиз худди иссиқхоналар ўлкасига тушиб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни.Тадбиркор Неъматжон Бекниёзов иссиқхона фаолиятининг ноанъанавий йўналишини танлади. Яъни, 60 сотих майдонда тикланган иссиқхонада гидропоник усулда кулупнай етиштиришни йўлга қўйди. Кулупнай иммунитетни мустаҳкамловчи шифобахш неъматдир. У халқимиз тилида "ер тут" деб ҳам аталади.- Интернетдан ҳамда мутахассисларнинг фикрларини ўрганиб, кулупнайнинг Америкада яратилган "Альбион" навини танладик, - дейди тадбиркор. - Бу нав иссиқхонага мослиги, серҳосиллиги ва сифати билан ажралиб туради. Ҳар тупи бир ярим килогача мева беради. Мана шу кўчатларни ўтган йилнинг май ойида ўтқазган эдик. Октябрь ойида дастлабки ҳосилни тера бошладик."Альбион" кулупнайи гибрид навлардан бўлиб, ўртача катталикдаги япроқлари, узоқ вақт ҳосил бериши, 40-45 грамм келадиган меваларининг бир хиллиги ҳамда экспортбоплиги билан ажралиб туради. Иссиқхонадаги кулупнайларнинг ривожи яхши, уларни икки нафар мутахассис мунтазам равишда назорат қилиб бормоқда. Агарда илдиз чириши ёки бошқа касалликлар аниқланса дарров чора кўришади. Маълумки, кўк пиёз ҳамда саримсоқпиёз экилган жойда турли зараркунандалар кам учрайди. Шулар инобатга олиниб, кўчатлар экилган махсус қоплар жойлашган расталар тагига ана шу экинлар уруғи сепилди. Тепадан ёмғирлатиб берилаётган намлик эвазига барча экинлар дуркун ривожланмоқда.- Маҳалламизда иссиқхоналар қурилиб, янги иш ўринлари яратилаётгани яхши бўлди. Шулар эвазига кўплаб оилалар ўз иқтисодини тиклаб олмоқда. Мен ҳам дугоналарим билан шу жойда ишлаяпман. Мутахассислардан қулупнай етиштириш технологиясини ўрганиб бормоқдаман, - дейди Ойдиной Саъдуллаева.Тадбиркорнинг режалари улкан. Дастлабки ҳосилни ички бозорга чиқараётган бўлса, кейинчалик экспортга йўналтиришни ният қилган. Шунингдек, яна бир гектарлик иссиқхонада помидор етиштириляпти. Эндиликда янги иш ўринлари сони ўн еттитага етди.Халқимиз дастурхонини йил давомида сарҳил маҳсулотлар билан таъмин-лашни ният қилган тадбиркорларимиз иши бароридан келаверсин!
13-01-2020, 01:23
Вернуться назад