DataLife Engine / УСТОЗГА ЭҲТИРОМ ШОГИРД ЗИММАСИДАГИ БУРЧДИР

УСТОЗГА ЭҲТИРОМ ШОГИРД ЗИММАСИДАГИ БУРЧДИР

Пайғамбаримиз илмли кишининг илмсиздан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларда баён қилганлар. "Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир" (Имом Термизий ривояти). Устозга меҳр қўймаган, уни ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш душвор. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб, ҳурмат қилиши даркор. Абдуллоҳ ибн Аббос розиялоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб, бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса - жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли". Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яъни устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, устоз деганда нафақат дунёвий ёки диний билим берган киши, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатган шахс назарда тутилади. Чунки, динимиз исломда илмлар диний-дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсон учун фойдали бўлган ҳар қандай илм эса исломда ардоқланади. Улуғ муҳаддис Шайх Айдарус ибн Умарал Ҳазрамий ўз асарида шундай дейди: "Машойихларимиз айтар эдилар: "Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, фазилатларини ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиб, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим". Биз устозларни ҳурмат қилишни ўтган буюк аждодларимиздан ўргансак арзийди. Улар устозларни ҳурмат қилиб, улуғ мақомларга эришганлар. Р.ЭРНАЗАРОВ, туман бош имом хатиби.
16-01-2020, 01:33
Вернуться назад