DataLife Engine / Судга мурожаат этиш –фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи

Судга мурожаат этиш –фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи

Судга мурожаат этиш –фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларини эълон қилиш билан бирга, қатор янги ижтимоий -иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларни суд орқали ҳимоя қилишни кафолатлайди. Таъкидлаш жоизки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун фуқаролар давлат органлари қаторида суд идораларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканини белгилайди. Шу билан биргаликда Қонуннинг 1-моддасида белгиланган “....кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонунчилик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган мурожаатларга” деган нормасига эътибор қаратиш лозим. Яъни, фуқароларнинг бирор-бир низоли масалани ҳал этишни сўраб судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши ёки суд ҳал қилув қарорини чиқариш тартибида алоҳида тартибда кўриладиган ишлар бўйича судга мурожаат қилишлари, шунингдек, фуқароларнинг биринчи инстанция судларининг қарорларидан норози бўлиб, юқори инстанция судларига шикоят ва аризалар билан мурожаат қилиш муддати ва уларни кўриш тартиби бошқа қонун, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси билан тартибга солинишига эътибор бериш лозим бўлади. Зеро, ҳар иккала қонун ҳам ўз мазмун-моҳиятига кўра, фуқароларнинг мурожаатларини кўриш ва ҳал этиш тартибини белгилаб берса-да, судга мурожаат қилаётган фуқароларнинг даъво аризаси, ариза ва шикоятларини мазмунан кўриш ҳамда ҳал этиш учун белгиланган процессуал тартиблар фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун нормаларидан фарқланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик-процессуал кодекси фуқаролик ишларини кўришда суднинг одил судловни амалга ошириши билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Мазкур кодекс шунингдек, фуқаролик ишида иштирок этувчи шахсларнинг ҳаракатларини қонун асосида тартибга солади, қолаверса, суд қарорларининг ижро этилиши тартибини ҳам белгилайди. Дарҳақиқат, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш борасида суд идоралари бошқа давлат органларидан ўзига хос хусусиятлари билан фарқланса-да, судлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи асосий орган сифатида фуқароларнинг мурожаатлари, яъни ариза, таклиф ва шикоятлари қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши ва уларнинг қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилинишига алоҳида эътибор бериб келади. Шу ўринда мурожаатларни ҳал этишда расмиятчилик, сансалорликка йўл қўйиш, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, мурожаатларни кўриб чиқишни асоссиз рад этиш, улар бўйича асоссиз, қонунга зид хулосалар қилиш ёхуд фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни ошкор этиш, мурожаат қилганлик ёки мурожаатда баён этилган танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зарар етказадиган ҳолда бузиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.Кези келганда таъкидлаш керакки, фуқароларнинг ариза ёки шикоятлари юзасидан тегишли қарор қабул қилган давлат органининг мансабдор шахси, агар фуқаро мазкур қарордан рози бўлмаса, қабул қилинган ушбу қарор устидан судга шикоят бериш тартибини тушунтириши шартлигига алоҳида эътибор беришлари талаб этилади.Бу эса, ўз навбатида, мазкур фуқаронинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд ор¬қали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда фуқароларнинг сарсонгарчилигига чек қўяди. Хоразм вилоят судининг судьяси А.Рахимов
26-08-2021, 01:12
Вернуться назад