«ХОРАЗМИЙ БЎЛМАСА НЕТАРДИНГ ДУНЁ, ҲИСОБДА АДАШИБ КЕТАРДИНГ ДУНЁ» МАТЕМАТИКЛАР БЕЛЛАШУВИ
Боғот туманидаги 24-сон мактабда математика ва информатика фан ойлигига бағишлаб, мактаб директори Гулзебо Шомуродовна раҳбарлигида «Хоразмий бўлмаса нетардинг дунё, Ҳисобда адашиб кетардинг дунё» мавзусида математикадан беллашув кечаси бўлиб ўтди. Математикадан беллашув кечаси лирик чекинишлар билан жуда чиройли бошланди. Кечага ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам қатнашиб, фарзандларининг математикадан билимлари сарҳисобини кузатдилар. Мактаб директори Г.Рахмонова математикани яхши билган ўқувчи, тарихни ҳам, химия, биология, физика, география қўйинки ҳамма фанни ўргана олиши ҳақида гапириб ўқувчиларнинг математикага бўлган муҳаббатларини янада оширди ҳамда ўқувчиларда математика фанига кучли мотивация уйғотди. Кечани кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган математика ўқитувчилари Машарипова Мақсадой ва Матчанова Зубайдалар тайёрлаб, АКТ ёрдамида, интерфаол методда жуда қизиқарли қилиб ўтказдилар. Мактаб директори мактабнинг ҳар бир ўқитувчисидан, ҳар куни ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик қилишлари зарурлигини талаб қилиши натижасида мактабда ҳар бир ўтилаётган фандан олимпиада ғолиблари сони кундан кунга кўпаймоқда. Буни ҳис қилган ўқитувчилар таълим сифатига жиддий эътибор бермоқдалар. Беллашув давомида ўқитувчи ўқувчилар билан биргаликда қўлда ясаган математик макетлардан фойдаланди. Математика кечасида фаол иштирок этаётган фарзандларини билим салоҳиятини кузатаётган ота-оналар фарзандларига таълим тарбия бераётган жонкуяр устозларига миннатдорчилик билдирдилар. Боғот туманидаги 24-сон мактабда ҳар ойда график асосида фан ойликлари турли хил фан кечалари, викториналар, «Заковат» ўйинлари орқали юқори савияда ўтказилмоқда.
20-02-2020, 09:33
Вернуться назад