DataLife Engine / БОҒОТ ТУМАНИДА 5 ТАШАББУС ҚАНОТ ЁЗМОҚДА

БОҒОТ ТУМАНИДА 5 ТАШАББУС ҚАНОТ ЁЗМОҚДА

Президентимизнинг ёшлар ҳаёти ва камоли, уларни илму истеъдод чўққилари сари руҳлантириш, ўқувчи-ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, мусиқа ва санъат, спорт, компьютер, интернет ва ахборот-технологиялари, ёшларда китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш, ўқувчи-қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этишга қаратилган 5 та муҳим ташаббуси асосидаги саъй-ҳаракатлар бутун юртимиз бўйлаб кенг қанот ёзмоқда.Ташаббус доирасида барча умумтаълим мактабларида "5 ташаббус” фестивали ўтказилган бўлса, унинг мантиқий давоми сифатида шу йилнинг февраль - март ойларида бўлиб ўтадиган “5 ташаббус Наврўзда” фестиваль-танловига қизғин тайёргарлик жараёнлари бошлаб юборилди.“Ватанни мадҳ этиш- олий бахтимиз!” шиори остидаги Ватан ва баҳор ҳақидаги қўшиқлар, “Ёшлик рақси”, “Болалар спартакиадаси” миллий ва ҳаракатли спорт ўйинлари, “Ёш китобхонлар” кўрик-танлови, “Қизларжон”, “Обод мактаб” каби 6та йўналишдаги баҳс ва танловларни қамраб олган фестивалга Боғот туманида юксак кўтаринкилик билан зўр тараддуд кўрилмоқда.Боғот туманидаги халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати Гўзалхон Рахимова раҳбарлик қилаётган 7- сон умумтаълим мактаби тумандаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб, муносиб ютуқ ва муваффақиятлар билан эътиборга тушган нуфузли илм даргоҳларидан. Илм масканида айни пайтда беш ташаббус доирасида «Ниҳол» номли хор жамоаси ташкил этилган бўлиб, унда 4-синфдан 11-синфгача бўлган 40 нафар ўқувчи устозлари, 7-сон мактабнинг Ёшлар етакчиси, мусиқа фани ўқитувчиси, лирик қўшиқларнинг моҳир ижрочиси Фарруҳбек Искандаровдан санъатнинг мазкур йўналиши сир-асрорларини қунт ва иштиёқ билан ўрганишмоқда. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ўтказиладиган тўгарак машғулотларида истеъдод бобида тобланаётган ўғил-қизлар туман миқёсидаги катта тадбирлар, тантаналарда фаол иштирок этишмоқда.«Юлдузча» рақс жамоаси эса иқтидорли ўқувчиларни ўзига жамлаган. Унда рақс тушиш сирларини устозлари Ширин Эшниёзова қизларга, ўғил болаларга санъатнинг нафис ва нозик тури сир-асрорларини ўргатмоқда.Ўқувчилар ижросидаги «Хоразм лазгиси», «Сурнай лазгиси», «Бир патир ёпдим жиззали», « Олти халфа бири Тўти» «Мустаҳзод» «Дилхирож», « Бахтин кўринг Ўзбекистон боласининг» ва шу каби рақслар ҳар қандай томошабиннинг ҳавас ва ҳайратини оширади.Ана шундай катта иштиёқ ва зўр жўшқинлик билан “Беш ташаббус - Наврўзда” фестивал-танловига тараддуд кўраётган илм маскани жамоаси фестивалда бетакрор чиқишлар билан барчага қувончу шодликлар туҳфа этиш ва айни пайтда юқори ўринларни эгаллашни аҳд қилишган.  
3-03-2020, 05:21
Вернуться назад