Зўравонликка барҳам берайлик!
Зўравонликка барҳам берайлик!
БМТ томонидан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни деб эълон қилинган.
Шу ўринда 1991 йилда бошланган Хотин-қизларнинг глобал раҳбарлик (лидерлик) Маркази томонидан “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси доирасидаги тадбирлар ҳар йили “25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни”дан “10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари куни”гача ўтказилишини таъкидлаш лозим.
Бундан мақсад – дунёда аёлларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишининг олдини олиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашдан иборат.
Маълумотларга кўра, дунёдаги хотин-қизларнинг учдан бир қисми ўз умри давомида лоақал бир марта зўравонликка дуч келади. Одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини ҳам хотин-қизлар ташкил этади.
Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистонда ҳам 25 ноябрдан 10 декабригача “Зўравонликка қарши 16 кун” туркум тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасида охирги йилларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам янги босқични бошлаб берди. Қонунларнинг ижросини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, маҳалла фаоллари, жамиятимизнинг барча аъзоларининг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг кодексларига ўзига хос муҳим ўзгаришлар қабул қилинди.
Хусусан, Жиноят кодексига янги модда, яъни 1261-модда киритилиб, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса жиноий жавобгарлик белгиланди.
Ёки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 592-модда билан тўлдирилди.
Аксарият ҳолларда маиший турмуш жараёнларида хотин-қизларимиз турли даражадаги зўравонликка дуч келадилар.
Маълумотлар таҳлилига кўра, жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди томонидан 37 нафар шахсга нисбатан 34 та оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ маъмурий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 22 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жазолар тайинланган.
Ушбу маъмурий ишларнинг барчасида жабрланувчиларнинг хотин-қизлар эканлиги ва кўпчилик ҳолатда ҳуқуқбузарлар уларнинг биргаликда яшаётган турмуш ўртоқлари эканлиги жуда ачинарлидир.
Туман суди томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўришда жабрланувчи ва ҳуқуқбузарнинг бундан кейинги муносабатлари ҳам инобатга олинган ҳолда зўравонлик содир қилган ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий қамоққа олишгача бўлган чоралар қўлланилмоқда.
Зеро, биз аёлларга нисбатан содир қилинган ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни қоралаймиз ва жамиятимиз маликалари бўлган хотин-қизларга нисбатан содир қилинадиган зўравонликларга барҳам беришга чақириб қоламиз.
Жиноят ишлари бўйича
Боғот туман суди раиси Ҳ.Саидов
Боғот туман ахборот хизмати.
Bosh sahifaga qaytish