Коррупция – иллат кони эканини унутмайлик
Коррупция – иллат кони эканини унутмайликЎзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида" ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги ПҚ-2752-сонли қарорининг ижросини таъминлаш, коррупцияга оид жиноятларга қарши курашиш ва жиноятчиликнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва кенг жамоатчиликнинг ролини ошириш мақсадида мамлакатимизда коррупцияга қарши изчиллик билан кураш олиб борилмоқда. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали кимдир- кимдан пора олгани ҳақида ўқиб қоламиз. Баъзан кимдир мансаб ваколатидан фойдаланса, кимдир фирибгарлик йўлини тутади. Шунда пора бериб ишини битиришга уринаётганлар ҳақида ўйлаб қоласан киши. Нега шундай? Нима учун иш қонуний йўл билан эмас, ноқонуний тарзда битиши керак? Шундай паллаларда кўпчилик элдошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги камлиги ҳаёлимизга келади. Акс ҳолда бирор ишга киришиш олдидан тўғри йўл қолиб, эгри йўлни қидирмас эдилар.Фарзанди ўқишга кирмоқчи бўлса, ёхуд олий ўқув юртини тамомлаб ишга жойлашмоқчи бўлса дарров таниш ахтаришади, бу йўлда фирибгарларга таланиб қолаётганлар қанча?! Яна энг ёмон томони саводлининг ўрнини саводсиз, ишбилармоннинг ўрнини таниш орқали келган мундайроқ мутахассис эгалласа, ўша соҳа қандай ривожланади? Бир жойдаги депсиниш, ноҳалоллик жамият ривожига албатта ўз салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Коррупциянинг авж олиши мамлакатни таназзулга олиб келиши жаҳон тажрибасида исботланган. Кўпгина ривожланган мамлакатлар коррупцияни йўқотиш орқали тараққиётга эришганлар.Бугунги кунда учраётган ушбу иллатни йўқотиш учун эса кенг жамоатчилик ҳамкорликда ишлар олиб борилиши мақсадга мувофиқдир.Партиянинг Боғот туман Кенгаши томонидан туманидаги таълим муассасаларида, МТТларда коррупциянинг олдини олиш мақсадида мулоқотлар олиб борилмоқда, сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Ҳар бир соҳада шаффофлик ва адолат бўлиши тушунтирилмоқда. Жиноят жазосиз қолмаслиги прокуратура ходимлари томонидан уқтирилмоқда.Коррупция иллат экан, эгри йўлдан юришга не ҳожат? Бугун ҳар бир фуқаронинг мурожаатини барча эшитади ва ечимига ҳам эътибор қаратишади. Қаратишмоқда ҳам. Фақат ҳар бир фуқаро ушбу иллатни йўқотишга ўз ҳиссасини қўшиши керак.Аввало ноқонуний иш қилмаслик, ўз манфаатини кўзлаб нохолислик билан иш битиришга уринмаслик, таъмагир мансабдорга дуч келсалар дарҳол орган ходимларига хабар бериш зарур. Бу юрт бизники, барчамизники, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилар экан, ҳар бир фуқаро, ташкилот ва корхона раҳбарини ҳалолликка, тўғрисўзликка чақириб қоламиз.
Қаҳрамон РаҳимовЎзбекистон "Адолат" СДП Боғот туман Кенгаши раиси, Туман Кенгаши депутатликгуруҳи раҳбари
БОҒОТ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Bosh sahifaga qaytish