Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан
Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ санаси тобора яқинлашмоқда. Бир қараганда тарих учун ўттиз йил аҳамиятсиздек кўринади. Аслида эса ҳар бир йилнинг, ҳар бир ойнинг инсон ҳаётида ўз ўрни бор, ўз улуши бор, доимо эсланадиган хотираси бор. Мустақиллик барчамизга дахлдор! Ҳар биримиз ўтган шу йилларни вақт сарҳисобидан ўтказар эканмиз, шахсий ҳаётимизда, теварак –атрофда ва бутун мамлакат миқёсида рўй берган, рўй бераётган улкан эврилишлар жараёнидан ўзимизни ҳоли ҳис қила олмаймиз. Оддийгина мисол: шўро даврида Хоразмда саноқлигина саноат корхоналари бўлиб, улар ҳам асосан пахтани чигитдан ажратиш ва ёғини олишдан нарига ўтмаган. Бутун республика хом ашё етказиб берувчи минтақага айланиб қолгани сабаб иқтисодий ўсишлар ҳам шунга яраша бўлган. Ҳозирчи? Ўтган ўттиз йилни қўя турайлик, сўнгги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар боис бугун Боғот тумани саноат салоҳияти бўйича мамлакатимизда олдинги ўринлардан бирига чиқиб олди. Экспортга маҳсулот, яна тайёр маҳсулот чиқариш деярли беш ҳиссага ошди. Бунда, албатта, Юртбошимизнинг “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш борасидаги тарихий Фармонлари жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Бугун иқтисодий зонада экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқараётган 14та корхона фаолият юритмоқда, йил охиригача яна тўртта лойиҳа амалга оширилади. Яқиндагина Президентимиз имзолаган тадбиркорлар учун Қарор ана шу буюк ўзгаришларнинг бардавомлиги, янада улкан сакрашларга эришишимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиши, ҳеч шубҳасиз. Ушбу қарорни барча тадбиркорлар мамнуният билан қабул қилдилар ва албатта оддий фуқаролар ҳам. Негаки, ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши янги иш ўринлари яратилади, деганидир. Шу маънода истиқлол даврида дунёга келган авлодга ҳавас қилса арзийди! Бу авлод янгиланишлар замонасида кўз очди, ислоҳотлар жараёнида камолга етди. Иқтидорини рўёбга чиқариш учун берилган имконлар янги довонларга интилтирди уларни. Жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни, ўз нуфузи учун жой талашадиган миллий ғурур йўрғаклади уларни. Оталари луғатидан ўчириб ташланган “давлат тили”, “хусусий мулк”, “инсон ҳуқуқлари”, “ошкоралик ва шаффофлик” каби атамалар иягини кўтарди бу авлоднинг ҳар қадамда ободонлаштириш, ҳар гўшада бунёдкорликлар рўпарасидан чиқди, шу буюк ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси онгига ўрнашди.Тарихи буюк юртнинг эртангги буюк келажагини қуриш масъулияти тақдирига ёзилди уларнинг. Тепангда ўз давлатинг туғи ҳилпираб турса, ҳужжату рамзларга ўз тамғанг босилса, юрагинг тубида куйлаш учун ўз мадҳиянг бўлса...қандай бахтлисан! Шу авлод вакили эканлигимдан, буюк ўзгаришлар замонасида яшаётганимдан фаҳрлар туяман. Оддий бир қишлоқ боласи бўлмиш менинг тақдиримга истиқлол берган имконлар туфайли тадбиркор бўлиш бахти ёзилган экан. Мана неча йилки аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритиб келаман. Йўловчи ташиш, енгил машиналарга хизмат кўрсатиш каби даврнинг зарур ва савобли юмушларига бош қўшиш орқали элда танилдим. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали қўшимча даромадлар топиш ва бунга берилган имконлар боис ўз тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириб бориш ҳар доимги режам ва орзуимдир. ...Вақт ўтмоқда! Унинг ҳар бир дақиқаси бизларни юртимизнинг эртанги бахтли ва фаровон буюк келажаги сари бошламоқда. Вақтдан ўзиб, ўз тақдири, юрт тақдири, мамлакат тақдири учун бор билими, бор салоҳияти ҳамда тажрибасини ишга солаётган...том маънода вақтдан ўзиб, буюк ўзгаришлар жараёнида яшаётган барча юртдошларимга мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик тантанаси, «энг азиз ва энг улуғ байрам» муборак бўлсин, дейман!
Bosh sahifaga qaytish